Yangiliklar

Ўзбекистонлик экспертлар Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

15 ноябрь куни Париж шаҳрида Ўзбекистон таҳлил марказлари экспертларидан иборат делегация ва Халқаро алоқалар бўйича Европа кенгаши (ECFR) Халқаро таҳлил маркази директори Тара Варма ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томонидан МОХИ, СМТИ, Иқтисодий ҳамкорлик ва ислоҳотлар маркази ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази мутахассислари иштирок этди.

ECFR директорига Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари, шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Т.Варма Ўзбекистон билан Европа иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг бу борадаги мавжуд сиёсий-иқтисодий салоҳияти, Марказий Осиё минтақасида тутган ўрни, Европа иттифоқининг асосий ҳамкорларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

Ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлган олий даражадаги мунтазам алоқалар ва давлатлараро мулоқотнинг яхши йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Европа иттифоқи таҳлил марказлари экспертлари ўртасидаги ҳамкорликни илмий-амалий тадбирлар орқали янада мустаҳкамлаш бўйича қўшма ишларни давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.

Халқаро алоқалар бўйича Европа кенгаши 2007 йилда ташкил этилган.  ECFR ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалаларида таҳлиллар олиб борувчи йирик тадқиқот марказларидан биридир.

Ушбу тузилма Европанинг еттита пойтахт шаҳарларида, жумладан Берлин, Лондон, Мадрид, Париж, Рим, София ва Варшавада ўз ваколатхоналарига эга.