Yangiliklar

Ўзбекистонлик экспертларнинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти – Евроосиё мувофиқлаштирувчи гуруҳи раҳбари билан учрашуви

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Парижда Ўзбекистон таҳлил марказлари вакилларидан иборат делегация Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти – Евроосиё мувофиқлаштирувчи гуруҳи раҳбари Уильям Томпсон билан учрашди.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини, жумладан Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш контекстида муҳокама қилдилар.

У.Томпсон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, мамлакатимиз ва Ташкилот ўртасидаги муносабатларни изчил мустаҳкамлаш жараёнини юқори баҳолади.

Унга кўра, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган ўзгаришлар нафақат мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этиши, балки бутун Марказий Осиёнинг тараққиётига юқори  ҳисса қўшишини таъкидлади.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти  вакили Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ва гуманитар алмашинувларни чуқурлаштириш бўйича минтақавий курсини фаол давом эттириш муҳимлигини қайд этди.

Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар ўзаро яқин алоқаларни давом эттириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини аниқлашга келишиб олдилар.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТ) ривожланган мамлакатларнинг халқаро молиявий ташкилоти бўлиб, у 1948 йилда Европанинг иқтисодий қайта қуриш лойиҳаларини мувофиқлаштириш мақсадида таъсис этилган.

Ташкилотнинг бош қароргоҳи Парижда жойлашган. ИҲТнинг бошқарув органи ташкилотга аъзо 35 та давлат вакилларидан иборат кенгаш ҳисобланади. Барча қарорлар консенсус асосида қабул қилинади.