Yangiliklar
Ҳал қилинган чегара муаммоси, энергетик ҳамкорлик ва истиқболли лойиҳалар
7 февраль куни Марказий Осиё Халқаро Институтида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда икки давлат ТИВ вакиллари, экспертлар ва парламент вакиллари иштирок этиб, давлат ташрифи якунлари ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Таъкидланишича, ўзаро муносабатлар ривожида Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси катта роль ўйнади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Акромжон Неъматов бу жиҳатга эътибор қаратар экан, “Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг яхши сиёсий иродаси мураккаб муаммоларни ҳал қилишда ўзаро мақбул муросага олиб келди”, –деган фикрни билдирди.
Ўзбек-қирғиз муносабатларида қандай мураккаб муаммолар бор эди?
Биринчидан, икки давлат ўртасида қарийб 30 йил давомида ҳал қилинмай келган чегара масаласи мавжуд эди. Ўтган йиллар давомида олиб борилган музокаралар натижасида Шавкат Мирзиёев ташрифи якунида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида Баённома” имзоланди. Натижада Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитация қилиниши расман якунланди.
Иккинчидан, икки давлат ўртасида трансчегаравий сувлардан фойдаланиш масаласида айрим келишмовчиликлар бор эди. Бир неча йил давомида Ўзбекистон-Қирғизистон вакиллари ушбу йўналишда иш олиб боришди. Натижада бу масала юзасидан позициялар мувофиқлаштирилди. Шунингдек, Ўзбекистон томони Қирғизистон ва Қозоғистон билан бирга Қамбарота ГЭС қурилишида иштирок этади. Бу ўз навбатида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг кенгайишига олиб келади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев ўз чиқишида юқоридаги масалалар юзасидан икки давлат ўртасида муаммолар бўлгани, аммо Давлат раҳбарлари сиёсий иродаси туфайли бу масалаларга ечим топилганини таъкидлади.
Яна бир муҳим масала — икки давлат бизнес-доираларининг ҳамкорлигини ривожлантириш. Давра суҳбатида иштирок этган Қирғиз Респуликаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари А. Исаев Шавкат Мирзиёев ташрифи арафасида бўлиб ўтган бизнес-форумга тўхталди. Унинг сўзларига кўра, дастлаб форумда 200 тадбиркор иштирок этиши кўзда тутилган. Аммо якунда уларнинг сони 400 дан ошиб кетди. Бу икки давлат бизнес-доираларининг ўзаро ҳамкорликдан манфаатдор эканидан далолат беради.
Давра суҳбати давомида, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар, транспорт-логистик коридорларини ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
https://zamon.uz/uz-to/detail/shavkat-mirziyoyevning-qirgizistonga-tashrifi-yuzasidan-davra-suhbati-bolib-otdi-siyosat