Yangiliklar
Анонс “Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шерикликнинг янги истиқболлари” мавзуидаги “давра суҳбати” тўғрисида
Жорий йилнинг 7 февраль куни Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шерикликнинг янги истиқболлари” мавзуида гибрид шаклда (офлайн/онлайн) “давра суҳбати” ўтказилади.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 26-27 январь кунлари Қирғиз Республикасига амалга оширган давлат ташрифи якуни муҳокама қилинади.
Ушбу ташриф ўзбек-қирғиз муносабатларида янги саҳифа очувчи муҳим тарихий воқеа бўлди. Музокаралар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг икки мамлакат ва бутун минтақанинг хавфсизлиги ҳамда барқарорлиги йўлидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришни мақсад қилган кучли сиёсий иродасини намойиш этди.
Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасидаги икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларациянинг имзоланиши ушбу ташрифнинг муҳим натижаларидан бири бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олган мустаҳкам икки томонлама шартномалар тўплами имзоланди.
Бишкек музокаралари ўзбек-қирғиз икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш, уларни сифат жиҳатидан тўлдириш ва мазмунан бойитишга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқлади.
Бўлажак “давра суҳбати” Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ва Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилади.
Унда Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик корпус вакиллари ҳамда икки давлат етакчи “ақл марказлари” экспертлари иштирок этади.
Ушбу “давра суҳбати”ни қуйидаги илова орқали онлайн кузатишингиз мумкун:
https://us02web.zoom.us/j/86901356020?pwd=Q1c3M28vc2FSdjYyRkwxdStnaDhZZz09