Yangiliklar
Цукуба университети профессори билан учрашув тўғрисида
Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов шу йилнинг 17 февраль куни Япониянинг Цукуба университети Ижтимоий ва гуманитар фанлар олий мактаби халқаро муносабатлар профессори, Япония ва Марказий Евроосиё тадқиқотлари бўйича махсус дастури директори Тимур Дадабаев билан учрашди.
Т.Дадабаев Ўзбекистондаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини мувафаққиятли тамомлаб, кейинчалик илмий фаолиятини Оксфорд, Кембриж, Токио, Шеффилд (Aнглия), Колумбия университетларида давом эттирди. Шу билан бирга, Хитой ва Япониянинг Марказий Осиёдаги инфратузилма лойиҳаларини қиёсий жиҳатдан ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб борди.
У 2009 йилда ЮНЕСКО нинг 60 йиллиги медали, 2021 йилда “Ипак йўли 2020” мукофоти билан тақдирланди, 2015 йилда эса Цукуба университетининг энг яхши ёш олими сифатида эътироф этилди. Шунингдек, 2003 йилда энг яхши диссертация иши учун Япония Бош вазири Сато Эйсакунинг Гран-приси лауреати бўлди.
Учрашувда МОХИ ва Цукуба университети ўртасида Марказий Осиё ва Япония эксперт-таҳлил доираларининг ўзаро ҳамкорлигини оширишга қаратилган қўшма илмий дастурлар ва тадбирларни ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.
Унда қайд этилишича, Цукуба университетида Марказий Осиёдаги жараёнларни ҳар томонлама ўрганишга қаратилган магистратура ва докторантура йўналишлари фаолият юритмоқда.
Марказий Осиё, Япония ва халқаро ташкилотлар экспертлари ва олимлари билан биргаликда бир қатор илмий-методик маслаҳат учрашувларини ташкил этиш, Марказий Осиё тарихи ва маданиятига оид қўлёзмаларни нашр этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича, Марказий Осиё ва Япония эксперт-таҳлил ҳамжамиятлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.