Yangiliklar
Франциялик экспретлар иштирокидаги “давра суҳбати” якунлари тўғрисида
Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Парижда “Ўзбекистон ва Франция: ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари” мавзуида “давра суҳбати” бўлиб ўтди.
Тадбир Марказий Осиё халқаро институти ва Европа прогнозлаштириш ва хавфсизлик маркази томонидан ташкил этилди.
Aнжуманда икки мамлакатнинг Марказий Осиё масалаларига ихтисослашган етакчи таҳлил ва илмий-тадқиқот тузилмаларидан иборат жами 70 дан ортиқ экспертлар иштирок этди.
Унга кўра, Европа прогнозлаштириш ва хавфсизлик маркази, Париж университети, Халқаро ва стратегик муносабатлар институти (IRIS), Илғор тадқиқотлар ва халқаро ахборот маркази (CERII), Франция халқаро муносабатлар институти (IFRI), Шарқ тиллари ва маданияти миллий институти вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон томонидан МОХИ, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда ТИВ ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази экспертлари иштирок этди.
Тадбирда Марказий Осиё халқаро институти директори A.Насиров сўзга чиқиб, икки давлат раҳбарларининг 2018 йилги учрашувлари натижаларига кўра ўзбек-француз ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Ҳозирги ўсиш суръати сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштиришга ижобий таъсир кўрсатаётгани алоҳида қайд этилди. Энергетика, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналари мавжуд.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва Марказий Осиёда эришилаётган ижобий ўзгаришлар барча соҳаларда ўзаро манфаатли ўзбек-француз ҳамкорлигини, жумладан, минтақа ва Европа Иттифоқи ўртасида конструктив мулоқотни янада ривожлантиришда қўшимча шарт-шароит яратаётгани таъкидланди.
Франция эксперт доиралари икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳоладилар.
Европа прогнозлаштириш ва хавфсизлик маркази раҳбари Эммануэль Дюпюи Франция Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш ва иқтисодиётни модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Эксперт Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини юқори баҳолади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг янги минтақавий йўналиши туфайли Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳит яратилаётгани, бу ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Минтақада шаклланган жараёнлар Франциянинг Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама шериклигини мустаҳкамлаш учун яхши имкониятлар яратмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ОЭСР) Евроосиё мамлакатлари бўлими раҳбари Григорий Лекомте Франция ва Ўзбекистон барча соҳаларда стратегик шерикликни йўлга қўйиш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга эканини таъкидлади.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институти вакили Карим Ифрак икки давлат ўртасидаги қарийб 600 йиллик чуқур тарихий алоқаларга тўхталиб ўтди. Бу “ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун яхши асос бўлиши” таъкидланди.
Париж университети фахрий профессори Ги Оливье Фор Ўзбекистоннинг минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилаётган Марказий Осиё давлатларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашдаги ҳал қилувчи ролини таъкидлади.
Франциялик олим Ўзбекистон томонининг Aфғонистондаги вазиятни ҳал этишдаги етакчи ролини, бу ҳам минтақада барқарорликни таъминлашга катта таъсир кўрсатаётганини юқори баҳолади.
Шу билан бирга “Дентонс” компанияси Европа кенгаши раҳбари Девид Саеднинг фикрига кўра, Ўзбекистон бутун Марказий Осиёнинг локомотиви сифатида минтақанинг марказий ўзагига айланганини таъкидлади.
Учрашувда Франция томони икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. “Яшил” энергетика, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, электротехника ва кимё саноати каби соҳалардаги ҳамкорликка катта қизиқиш билдирилмоқда.
Хулоса ўрнида, йиғилганларга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, давлатимиз минтақавий сиёсатининг устувор йўналишлари ва ютуқлари, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги, давлатимиз раҳбарининг Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича ташаббусларини кенг тарғиб этиш юзасидан батафсил маълумот берилди.
Тадбир иштирокчилари музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини атрофлича таҳлил қилдилар, ривожлантиришдаги устувор йўналишларни белгилаб олдилар, икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган таклифлар билдирдилар.