Yangiliklar
Франциянинг Халқаро ва стратегик муносабатлар институти вакиллари ва ўзбекистонлик экспертлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Парижда Ўзбекистон таҳлил марказлари делегацияси Франциянинг нуфузли Халқаро ва стратегик муносабатлар институти (IRIS) президенти Паскаль Бонифас билан учрашди.
Тадбирда Марказий Осиё халқаро институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги ижобий ўзгаришлар тўғрисида фикр алмашилди.
IRIS институти раҳбарига Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг асосий қоидалари, Президентимизнинг Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари ҳақида маълумот берилди.
Паскаль Бонифас Ўзбекистон раҳбарининг икки давлат ўртасидаги яқинлашувга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йилдаги расмий ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар институтлар учун устувор йўналишлар бўйича яқин илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйишга келишиб, биргаликда тадбирлар ўтказишга келишиб олдилар.
Маълумот: IRIS - геосиёсий ва стратегик масалалар бўйича тадқиқот олиб борадиган етакчи француз таҳлил маркази.
Бу Франциядаги ҳам илмий марказни, ҳам диплом берувчи таълим муассасасини бирлаштирган ягона таҳлил институтидир.
Умумий рейтингда IRIS 53 та француз таҳлил марказлари орасида 8-ўринни эгалла, беш юлдуздан тўрттасига эгалик қилди. Бошқарув мезонига кўра, 3-ўринни, шаффофлик мезонига кўра 12-ўринни қўлга киритди.