Yangiliklar
Марказий Осиё халқаро институтида Корея Республикаси элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 25 октябрь куни Марказий Осиё халқаро институтида Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашув бўлиб ўтди.
Унга кўра, меҳмонга МОХИ нинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, институт томонидан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Дипломатик миссия раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакат ва жамиятни модернизация қилиш, Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган ташқи сиёсат курсини юқори баҳолади.
Элчининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Кореяни кўп йиллик дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталари боғлаб туради, бу эса икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва уни юқори босқичга кўтариш, турли соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга замин яратади.
Шу кунларда Пусан шаҳрида бўлиб ўтаётган “Марказий Осиё – Корея Республикаси” 15- ҳамкорлик форуми мамлакатлар ўртасидаги конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Икки мамлакат илмий ва академик доиралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, “Марказий Осиё – Корея Республикаси” формати салоҳиятидан фойдаланган ҳолда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш бўйича келишувга эришилди.