Yangiliklar

Марказий Осиё халқаро институтида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 25 январь куни Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов ва Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бейбут Aтамқулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар сўнгги йилларда ўзбек-қозоқ муносабатлари жадал суръатда ўсаётганидан мамнунлигини билдирди. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти Қ.Ж.Тоқаевнинг 2022 йил декабрда Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган  келишувларнинг муҳимлиги қайд этилди.

Марказий Осиё минтақаси барқарор тараққиёти йўлидаги муҳим вазифаларини ҳал этиш, глобал ва минтақавий кун тартибини шакллантиришдаги  фаол иштирокини алоҳида қайд этди.

Шу билан бирга, қозоғистонлик дипломат ўзбек-қозоқ ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида, кўплаб анжуман ва тадбирлар ўтказишга доир ташаббусни илгари сурди.

Унга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон илмий-таҳлил марказлари салоҳиятидан самарали  фойдаланган ҳолда, қўшма тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича таклиф билдирилди.

Учрашув якунида, Б.Aтамқулов Марказий Осиё халқаро институти ва Қозоғистон етакчи таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини маълум қилди.