Yangiliklar

Марказий Осиё халқаро институтида SETA жамғармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ) Туркиянинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SETA ) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Туркия таҳлил институтлари ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичи” мавзусида “давра суҳбати” бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, ҳурмат, дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали ўзбек-турк ҳамкорлигини янада фаоллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Шунингдек, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми қарийб 2,5 баробарга ўсиб, инвестициявий алоқалар изчил ривожланмоқда. Инвестициявий ҳамкорлик даражаси 70 бараварга ўсди. Жорий йил бошидан буён қарийб ярим миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилди. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони 5 баробарга ортиб, 2 мингтага етди.

Яқинда бўлиб ўтган ШҲТ Самарқанд саммити доирасида икки мамлакат етакчилари қишлоқ хўжалиги, транспорт, электротехника, тўқимачилик ва чарм саноати, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, инновациялар, юқори технологиялар, туризм ва маданият каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.

Икки мамлакат экспертлари илм-фан, таълим, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳаларида ўзаро ҳамкорлик янада кенгаяётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, экспертлар жорий йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитига алоҳида эътибор қаратдилар.

Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқишда муҳим воқеа бўлиши таъкидланди.

Тадбир давомида МОХИ ва Туркиянинг таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма илмий-амалий тадбирлар ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мутахассислар Туркия илмий-тадқиқот институтлари, хусусан, SETA нинг Ўзбекистон таҳлил марказлари билан яқин алоқаларни ўрнатишга бўлган юқори қизиқишини қайд этдилар.

SETA вакиллари жамғарма фаолияти хусусида маълумот бериб, унинг мамлакатимиз “ақл марказлари” орасида етакчи ўринни эгаллашини таъкидладилар.

SETA сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва гуманитар масалалар бўйича йирик тадқиқотлар билан шуғулланаётгани, маҳаллий ва хориждаги ихтисослаштирилган журналларда чоп этилаётган очиқ мавзули маърузалар тайёрланиши таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги шерикликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янада кенгайтириш масалаларини экспертлар даражасида кўриб чиқишдан манфаатдор эканини билдирдилар.