Yangiliklar

МОХИ директори А.Насировнинг "Марказий Осиё-Россия" экспертлар форумидаги нутқи

Ҳурматли ҳамкасблар, форум иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

 Aввало, Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти ва Е.М.Примаков номидаги жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтига ушбу форумини ташкил этгани учун ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман.

Яқинда  Остона шаҳрида ўтган “Марказий Осиё – Россия” биринчи саммитидан сўнг ташкил этилган ушбу тадбирда Марказий Осиё халқаро институти раҳбари сифатида  иштирок этиш  улкан шараф деб ҳисоблайман.

Давлат раҳбарлари илк бора барча давлатлар учун янги форматда  долзарб масалаларни очиқ муҳокама қилиш, келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш имконига эга бўлдилар.

 Учрашув якунлари бўйича қабул қилинган  давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти мамлакатларнинг минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар бўйича  умумий нуқтаи назарини, келгусидаги ҳамкорликнинг муҳим ва истиқболли йўналишларини аниқ белгилаб беради.

 

Қадрли ҳамкасблар

 Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишнинг долзарблиги қуйида айтиб ўтилган сабаблар билан боғлиқ ва ўйлайманки, ҳамкасбларим ҳамда форум иштирокчилари бу ҳақда бир неча бор қайд этишди.

Биринчидан, бутун инсоният қаршисида юзага келган жиддий геосиёсий ўзгаришлар.  Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек,  “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.

Иккинчидан, давлатлар ўртасида ишончсизликнинг кучайиши, милитаризация, шунингдек, муносабатларда куч компонентининг устунлиги.

Учинчидан, бу жараёнларнинг ҳам алоҳида мамлакатлар, ҳам минтақалар ривожига, ички тизимлар фаолиятига, халқаро платформаларда давлатларнинг ўзаро муносабатларига салбий таъсири.

Бугунги кунда мамлакатларимиз учун тинчлик, барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш билан боғлиқ масалалар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда.

Шу боисдан,  Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитида Ўзбекистон раҳбари геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган мулоқот фавқулодда муҳимлиги таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида “Самарқанд бирдамлик” ташаббусини илгари сурди.

Бу ташаббуснинг мақсади — бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, „Самарқанд руҳи“ тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб этишдан иборат.

Ишончим комилки, ҳамкорларимиз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, келгуси йилда бўлиб ўтадиган форумда фаол иштирок этади.

 

Қадрли иштирокчилар

 “Марказий Осиё – Россия” форматидаги мулоқотни ривожлантириш ва чуқурлаштириш глобал жараёнларни ҳисобга олсак, ўта мантиқий кўринади.

Бугунги кунда Марказий Осиё  барқарор тараққиётга ҳисса қўшиб, глобал ва минтақавий кун тартибини шакллантиришда тобора фаол иштирок этмоқда.

Жаҳонда Марказий Осиёга ягона тарих, маданият, анъана ва қадриятлар, умумсиёсий, савдо-иқтисодий манфаатлар  бирлаштирган алоҳида давлатлар сифатида эмас, балки яхлит минтақа сифатида қаралмоқда.

Янги сиёсий муҳитни шакллантиришда 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш бўйича ташаббуси муҳим аҳамият касб этади. Ушбу юқори даражадаги мунтазам алоқалар минтақа салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини бермоқда.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари янги сиёсий муҳитни яратиш, узоқ давр мобайнида ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш, иқтисодий кооперацияни кенгайтириш ва  ўзаро алоқалар учун қулай шароитлар яратишга муваффақ бўлди.

Бундай ўзгаришлар самараси ўлароқ, ички минтақавий масалалар бўйича мамлакатларнинг позицияларини изчил ривожлантириш ва халқаро платформаларда яқин мувофиқлаштириш бўлди.

Марказий Осиё давлатларининг ягона позицияси БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар кенгаши ва бошқа тузилмалар доирасида янграй бошлади.

Барқарор Марказий Осиё иқтисодий жиҳатдан ўсиб бораётган муҳим марказлардан бирига айланмоқда. Кўплаб экспертларнинг фикрига кўра, сўнгги 4 йилда минтақа давлатлари умумий ялпи ички маҳсулоти ҳажми қарийб 25 фоизга ўсиб, 300 миллиард долларга етди.

Минтақадаги ўзгаришлар тизимли ва ўзгармас тус олди.

Шубҳасиз, Марказий Осиёдаги ўзгаришлар Россия учун ижобий омил сифатида, у  яқин сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, тарихий, маданий ва бошқа алоқаларга эга бўлган мамлакатларнинг барқарор ривожланишидан манфаатдор  ва шундай бўлиб қолади.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланишда давом этмоқда, шунингдек мамлакатлар ушбу ҳамкорликни кенгайтириш учун йирик захирага эга.

Барчамизни Марказий Осиё минтақасида ва Евроосиё маконида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш каби умумий манфаатлар бирлаштириб туради.

 

Aзиз дўстлар,

“Марказий Осиё – Россия” форматидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш  ниҳоятда долзарб мавзу бўлиб, экспертлар ҳамжамиятининг фаол иштироки ва якдил таклифларини талаб қилади.

Муҳими, ушбу жараён бошқаларнинг манфаатларига қарши қаратилмаслиги ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек,  барча соҳаларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган.

Ишончим комилки, форум якунлари ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама ҳамда холисона таҳлил қилиш имконини беради.

Барча форум иштирокчиларига мустаҳкам соғлик, келгуси ишларида равнақ тилайман!