Yangiliklar

Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди

Туркманистонга расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакат Парламентининг юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан бошланган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кучли Туркманистонни барпо этиш учун мустаҳкам пойдевор бўлганини алоҳида қайд этди.

- Бугун қардош Туркманистон миллий бирликни ва тарихий-маданий анъаналарни сақлаш асосида жадал ривожланмоқда. Бу бутун дунёда ўзининг юксак эътирофига сазовор бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Гурбангули Бердимуҳамедов биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда уларни чуқур стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга шахсан ҳисса қўшгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон-Туркманистон алоқалари ўзаро ҳал бўлмаган масалалардан холи давлатлараро шерикликнинг ҳақиқий намунаси экани мамнуният билан қайд этилди.

Учрашувда икки томонлама, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик масалаларининг кенг доираси муҳокама қилинди.

Парламентларимиз ўртасидаги мулоқот халқларимизнинг янада яқинлашишида энг муҳим омил экани таъкидланди.

- Олий даражада эришилган келишувларнинг бажарилишини мониторинг қилиш учун парламентлараро ҳамкорлик салоҳиятидан бундан буён ҳам самарали фойдаланишимиз лозим, - деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашув сўнгида Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга туркман халқи алоҳида қадрлайдиган алабай зотли кучук совға қилди.