Yangiliklar

Туркманистон Президенти рақамли тизим бўйича ишчи йиғилиш ўтказди

Туркманистон Президенти С.Бердимуҳамедов Вазирлар Маҳкамаси раисининг агросаноат комплекси масалалари бўйича ўринбосари A.Ёзмиродов ва вилоятлар ҳокимлари иштирокида рақамли тизим бўйича ишчи йиғилиш ўтказди.

Унда мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларининг бориши, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда Aхал вилояти хокими Я.Гурбонов, Болқон вилояти ҳокими Т.Aтаҳаллиев, Тошҳовуз вилояти ҳокими Н.Назармирадов, Лебап вилояти ҳокими Ш.Aмангелдиев, Мари вилояти ҳокими Д.Aннабердиевлар сўзга чиқди.

Вилоят раҳбарлари ўз ҳудудларидаги ишларнинг бугунги аҳволи, йиғим-терим суръатини ошириш, ғалла ўрим-йиғими ва ҳосилни етказиб бериш, ғўзага ишлов бериш ва ўғитлаш ишлари учун транспорт воситалари билан таъминлаш, қанд лавлаги ва шоли етиштириш суръатини ошириш юзасидан ҳисобот берди.

Мамлакат ички бозорида мева-сабзавот маҳсулотларининг мўл-кўллигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар тўғрисида маълум қилинди.

Миллий қишлоқ дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида, ижтимоий-маданий бинолар, ишлаб чиқариш объектлари ва муҳандислик иншоотларини фойдаланишга топшириш суръатини жадаллаштириш тўғрисида ҳисобот берди.

 Президент С.Бердимуҳамедов таъкидлашича, ғалла йиғим-теримида айни муҳим давр. Бинобарин, ғалла ҳосилини қисқа муддатда йиғиб олиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Давлат раҳбари агротехник меъёрлар ва қишлоқ хўжалигининг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, ғалла парваришини амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари пахта, қанд лавлаги ва шоли майдонларини агротехник меъёрлар асосида парваришлаш, экин майдонларини сув билан таъминланишини яхшилаш, сув ҳавзаларини тозалаш ва уларнинг ҳажмини кенгайтириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

С. Бердимуҳамедов жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларидаги қурилиш ишларининг боришини қаттиқ назоратда тутишни қайд этди.

Президент ёзги таътил мавсумида дам олиш масканлари инфратузилмасининг узлуксиз ишлаши, Каспий денгизи соҳилида, хусусан, “Aваза” миллий туристик зонасида дам олувчиларнинг ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада тегишли топшириқлар берди.

Туркманистон Президенти белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш куннинг асосий талаби экани, амалга оширилаётган ишлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётганини қайд этди.

Рақамли тизим бўйича ўтказилган ишчи учрашувни якунлар экан, С.Бердимуҳамедов барча иштирокчиларга мустаҳкам соғлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик, халқ фаровонлиги йўлидаги ишларида улкан муваффақиятлар тилади.