Yangiliklar

Замонавий шароитда Марказий Осиё мамлакатларида миллатлараро тотувликни таъминлашнинг долзарб масалалари

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бугун “Марказий Осиё мамлакатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш” мавзуидаги ушбу халқаро конференцияда нутқ сўзлаш шахсан ўзим ва Институт жамоаси учун юксак шараф деб биламан.

Aввало, барчани ушбу долзарб мавзу доирасида бирлаштиргани учун тадбир ташкилотчиларига, шунингдек ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида конференцияга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларга самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.

Мазкур конференция нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим воқеа сифатида, минтақада миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик ва кўпмиллатли ягона оила муҳити туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва  умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида  тарбиялаш, давлатларимиз халқлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга юқори ҳисса қўшиши, шубҳасиз.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳар қандай давлат тинчлиги ва барқарорлиги кўп жиҳатдан миллатлараро муносабатлардаги турли  муаммоларни ҳал қилиш қобилиятига боғлиқ.

Айниқса, бугунги кунда бутун дунёда ўзаро ишончнинг пасайиши ва миллатлараро низоларнинг кучайиши кузатилмоқда. Шу боисдан ҳам минтақамиздаги барча давлатлар – Марказий Осиёнинг кўп миллатли давлатлар учун миллатлараро тотувлик ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Марказий Осиё қадимдан то ҳозирга қадар  турли маданиятга эга, кўп миллатли ва кўп конфессияли минтақа сифатида сақланиб қолган.

Қулай географик жойлашуви туфайли бу ерда мураккаб этник жараёнларнинг ривожланиши учун ўзаро алоқалар ва маданиятлар бойишига олиб келди.

Шунингдек, Марказий Осиё қадимдан турли маданий анъаналарни ўзида бирлаштирган ҳудуд сифатида, минтақанинг геосиёсий мавқеи аҳолининг муҳим гуруҳлари ҳаракатланишига, турли элат ва миллат вакилларининг ўзаро бирлашиб кетишига кўмаклашди.

Илм-фан нуқтаи назаридан олиб қаралганда, Марказий Осиёда этник гуруҳларнинг шаклланиши узоқ тарихий босқични ўз ичига олади. Маълумки, қадимдан ушбу ҳудудда форс ва туркийзабон  халқлар яшаб, ўтроқ ва кўчманчи қабилалар ўзаро ҳамжиҳатлик асосида умумий, ўзига хос  юксак маданиятни яратадилар.

Илмий тадқиқот натижаларига кўра, Шарқнинг қадимги цивилизациялари билан бевосита боғлиқ ҳолда, Марказий Осиёнинг ноёб цивилизацияси шаклланди.

Бугун айтишимиз мумкинки, кўплаб қадимий халқлар бирлашиши натижасида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг тарихий илдизлари шаклланди.

Минтақамизда асрлар давомида турли динлар – зардуштийлик, буддизм, манихейлик, маздакийлик, иудаизм, насронийлик ва ислом дини вакиллари  ёнма-ён яшаб келмоқда.

Буларнинг барчаси, албатта, аждодларимизнинг ўзига хос тафаккури ва дунёқараши шаклланишига сезиларли даржада таъсир кўрсатди.

Этник ва диний бағрикенглик  тинч-тотув яшаш ва ривожланиш учун муҳим ҳаётий меъёрга айланди.

Тарихимизга назар ташласак, унда миллатлараро ва конфессиялараро зиддиятларнинг  мавжуд эмаслиги, Марказий Осиё халқлари узоқ йиллар давомида бағрикенглик тамойилларига асосланиб, биргаликда тинч-тотув яшаб ҳар қандай мураккаб вазиятларда ҳамиша тўғри ва ўзаро мақбул ечим топа олганидан далолат беради.

Халқларимизга хос ушбу ноёб фазилат кундалик ҳаётимизда, минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларда яққол кўзга ташланмоқда.

Замонавий шароитда миллатлараро тотувликни таъминлаш Марказий Осиё давлатларининг барқарор ривожланишининг муҳим омилидир. Бу барча мамлакатларда юксак эътироф этилиб, ушбу масалага  давлат даражасида юқори аҳамият қаратилмоқда.

Марказий Осиё мамлакатларида мустақиллик йилларида  ирқи, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилган ўнлаб махсус қонун ҳужжатлари, концепциялар қабул қилинди.

Марказий Осиё давлатларининг миллатлараро тотувликни ўрнатиш сиёсати Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга тўла мос келади.

Минтақа давлатларида миллатлараро муносабатлар масалалари билан шуғулланувчи турли давлат тузилмалари мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда минтақавий шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича миллатлараро муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ қатор масалаларни ҳал этишга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Минтақа давлатлари ушбу соҳаларда халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорликни амалга оширмоқда.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва  Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича ташкилот шулар жумласидан. Маълумки, ЕХҲТда миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари мавжуд бўлиб, унинг вазифаси ушбу ташкилотга аъзо мамлакатларда миллатлараро тотувликни таъминлаш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдан иборат.

Миллий озчиликлар бўйича Олий комиссар фаолиятининг асосий йўналиши превентив дипломатия саналиб, бу турли мамлакатларнинг миллий озчиликлари ва ҳукуматлари билан мунтазам алоқаларни англатади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари Қозоғистон вакили Қайрат Aбдраҳмонов ҳисобланади.

Бундан келиб чиқиб Марказий Осиёнинг замонавий жаҳон дипломатиясида, жумладан, миллатлараро тотувликни сақлашдаги етакчи ролининг эътирофи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Бу жараёнда мамлакатимизда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти, турли нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Шундай қилиб, 2020 йилнинг мартидан “Марказий Осиёда тинчлик йўлида трансчегаравий, кўп томонлама мулоқот” лойиҳаси ишга туширилди.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган лойиҳа Конрад Aденауэр жамғармаси бошчилигидаги консорсиум томонидан учта миллий ҳамкор – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “БИОМ” Экологик ҳаракати (Қирғизистон) ва “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистонда дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик марказлари очилди.

Уч давлатнинг чегарадош ҳудудлари ёшлари, жамоатчилик фикри етакчилари, журнал ва блогерлар учун медиасаводхонлик ва танқидий фикрлашни ривожлантириш, сохта хабарлар тарқалишининг олдини олиш ва аниқлаш, ижтимоий тармоқларда кибербуллинг бўйича машғулотлар бўлиб ўтди.

Ушбу тренинг-машғулотлари давомида экспертлар ОAВ ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакилларига киберманипулятор қурбонига айланмаслик, бузғунчи ғояларга  қарши туриш, ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида бағрикенглик қадриятлари ва тамойилларини тарғиб қилиш йўлларини тушунтириб берди.

Фуқаролик жамияти институтлари турли элат ёшларининг миллатлараро мулоқот маданиятини янада тизимли ва оқилона идрок этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

 

Aзиз дўстлар!

 Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасида  дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик алоқаларини ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг  муҳим устувор йўналиши ҳисобланади.

 Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати кўплаб  ижобий ғоялар ва минтақадаги ўзгаришларнинг амалий катализаторига айланди.

Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига киришганидан сўнг, минтақавий шериклик, жумладан, миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликни ривожлантиришга янги суръат бағишлади.

Бугун бутунжаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини – янгиланаётган ва жадал ривожланаётган давлатни, очиқ ташқи сиёсатини кўрмоқда.

Ўзбекистон Президенти ўзи танлаган ташқи сиёсатига содиқ қолган ҳолда, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик, барқарор иқтисодий тараққиёт ва миллатлараро тотувликка эришишнинг долзарб масалаларини биргаликда ҳал этишга қаратилган яқин ҳамда конструктив мулоқотни амалга оширмоқда.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари минтақа халқлари сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётининг барча жабҳаларида алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг  ташаббуслари янгиланиш  ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг изчил давом эттирилаётганидан далолат.

 Ушбу ташаббуслар туфайли бугунги кунда минтақада мутлақо янги ва конструктив сиёсий муҳит вужудга келди, энг мураккаб масалаларни ҳал этиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Хусусан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, чегарани кесиб ўтиш ва чегара савдосини ривожлантириш шулар жумласидан.

Маълумки, минтақадаги миллатлараро муносабатларнинг ҳолати ҳам кўп жиҳатдан ушбу масалаларнинг ижобий ечимига боғлиқ.

Ҳозирги кунда онлайн ва офлайн шаклда минтақавий ва халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, унда минтақавий шерикликнинг долзарб масалалари, жумладан, миллатлараро муносабатлар соҳасидаги масалалар муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти 21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашувида таъкидлаганидек, “бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизда беқарор вазиятни вужудга келтиришга уринаётган бузғунчи кучлар мавжудлигини тасдиқлади”.

Ҳозирги мураккаб шароитда, айрим сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий муаммолар миллатлараро низоларнинг кескинлашувига олиб келганда, бузғунчи ҳисларга берилмаслик, бошқаларга ҳурмат ва ишонч туйғусини сақлаб қолиш муҳимдир.

 Узоқ йиллар давомида халқларимиз ушбу фазилатлари билан бошқалардан алоҳида ажралиб туради, бу билан биз ҳақли равишда фахрлансак арзийди.

Мазкур ҳолат юзага келган тақдирда давлат ва минтақавий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган этник низоларнинг олдини олиш мақсадида доимий таҳлил қилишни талаб қилади.

 

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

 Шуни таъкидлашни истардимки, Марказий Осиё халқаро институти минтақа муаммолари билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни тизимли илмий таҳлил қилиш, миллатлараро тотувликни таъминлаш каби муҳим вазифаларни амалга оширади.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилиб, бу мамлакатимизнинг яқин қўшни давлатларга нисбатан очиқ ва конструктив сиёсат юритиш, минтақавий муаммоларни  тенглик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш, оқилона муроса йўлини аниқлаш каби ташқи сиёсатини ўзида акс эттиради.

Бугунги кунда Институт минтақадаги кўп қиррали жараёнларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда минтақа халқлари ўртасида дўстлик алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ўзига хос ёндашув ва ечимларни таклиф этаётган самарали майдонга айланиб бораётганига ишонамиз.

МОХИ Марказий Осиё давлатларининг қатор етакчи таҳлил марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

Шу билан бирга, қўшни қардош давлатларнинг эксперт ва таҳлилий ҳамжамиятлари билан алоқаларни янада кенгайтиришга қатъий бел боғлаганмиз.

Эътиборингиз учун ташаккур!