Озиқ-овқат инқирозига қарши Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар
07.08.2023
|
193
Дунё мамлакатлари томонидан қилинаётган саъи-ҳаракатларга қарамай, озиқ-овқат инқирозининг шиддати пасайиши кузатилмаяпти.

Инсоният бир неча ўн йилликлар мобайида олдида турган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муаммосини ечимини топиб, тажриба ортириб, муаммоларни босқичма босқич ҳал килиб келмоқда эди. Аммо ҳозирги жараён одамзод учун янги ҳодиса сифатида намоён бўлиб, ўзининг кенг қамровлиги билан олдинги хавфлардан фарқ қилмоқда.

Жумладан, хозирда озиқ-овқат бозорида ва унга алоқадор тармоқларда тартибсизлик ва тушунарсизликлар кузатилмоқда. Бир томондан, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) сўнгги прогнозлари буғдой, гуруч, шакар, гўшт, балиқ ва сут маҳсулотлари, ўсимлик ёғлари каби бир қанча асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қўрсатгичларининг ўсиши ва захираларининг кўпайишини кўрсатмоқда. Бошқа томондан эса, инфляциянинг энг кўп қўлланиладиган ўлчови бўлмиш истеъмол нархлари индекси тез суръатлар билан сўнгги ўн йил давомида кузатилмаган даражага кўтарилиб бормоқда.

Маълумки, хозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари, айниқса Африка давлатларида, очарчилик кузатилмоқда. Шу билан бирга, ўз эҳтиёжларидан ортиқ дон етиштира оладиган давлатлар уни нафақат Африка давлатларига сотиш, балки текин етказиб бериш имкониятидан ҳам маҳрум бўлмоқда.

Ўтган йили Украина ғалла ҳосилининг асосий қисми БМТ ва дунёнинг етакчи давлатлари саъй-ҳаракатларига қарамай, муҳтож мамлакатларга эмас, балки Европа давлатларига етиб бориб, катта даромад эвазига сотилди. Ғарб доимо ёқлаб келган эркин савдо ўрнини санкциялар эгаллади ва давлатлар “дўстона” ёки “дўстона бўлмаган” мамлакатлар тоифасига бўлина бошлади.

Натижада ривожланаётган ва қашшоқ мамлакатлар озиқ-овқат инқирозидан кўпроқ зарар кўрмоқда. Иқтисодиётлари ривожланган мамлакатларда инфляцияга қарши курашиш учун кўплаб воситаларнинг мавжудлиги, уларда озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан 2-2,5 баравар паст натижани кўрсатишига олиб келди.

Давлатлар ўртасидаги кескинлашган сиёсий қарама-қаршилик атроф-муҳит ва иқлим муаммоларига эътиборнинг сусайишига олиб келди. Бунга жавобан табиат инсоният ва бутун сайёра манфаатларига қаттиқ зарба бериб, ўзининг ҳалокатли кучини тобора кўпроқ намоён қила бошлади. Оҳирги йиллар бунга яққол мисол.

Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, озиқ-овқат инқирозининг илдизлари ишлаб чиқариш соҳасидан эмас, балки инсон фаолиятининг бошқа соҳаларидан, асосан, сиёсий соҳадан чиқиб келмоқда.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатяптики, ҳар бир мамлакат ушбу муаммоларни ечишда ўзини имкониятларига таянган ҳолда, ўзини тафаккуридан келиб чиқиб ҳаракат қилиши керак.

Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётининг бир қисми бўлганлиги сабабли, дунёда кечаётган озиқ-овқат инқирози каби жараёнлар уни четлаб ўтмайди, албатта унга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Тўғри, сўнгги йилларда аҳолини асосий эҳтиёжлар моллари билан таъминлашда узилишлар кузатилмади, бироқ инфляция одамларнинг турмуш даражаси, харид қобилиятига таъсир кўрсатиб келмоқда.

Сўнгги йилларда аграр соҳада амалга оширилган чора-тадбирлар, бозор тамойилларининг жорий этилиши мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, импорт маҳсулотларига қарамликни нисбатан камайтириш имконини берди.

Ғаллачилик Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг изчил ривожланаётган тармоғига айланди. Картошкачилик, бошқа сабзавотларни етиштириш, чорвачилик сезиларли ривожланиб келмоқда. Ўтган йили аҳоли жон бошига тухум етиштириш санитария меъёрларидан ошиб, 225 донани ташкил этди. Келгуси йилларда эса республикада товуқ гўшти ишлаб чиқариш кўрсаткичлари тавсия этилган норма даражасига кўтарилиши кутилмоқда. Ортиқча ишлаб чиқарилган қисми эса экспортга чиқариш имкониятини беради. Сўнгги беш йилда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саватидаги энг заиф ўринни эгаллаган балиқ етиштириш қўрсатгичи уч баробарга ошди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш нафақат маҳаллий ишлаб чиқариш, балки импорт билан ҳам боғлиқ. Жаҳон озиқ-овқат инқирозининг таъсирини чеклаш учун мамлакатимиз жаҳон савдоси томонидан тақдим этилган имкониятлардан ҳам фойдаланмоқда. Мамлакат раҳбарияти минтақада ва поссовет ҳудудида биринчилардан бўлиб озиқ-овқат импортини кенгайтириш, божхона тўсиқларини камайтириш, озиқ-овқат маҳсулотлари учун инфляцияни жиловлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрди.

Қувонарлиси, Ўзбекистоннинг ушбу муаммоларни ҳал этишдаги муваффақиятлари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Британиянинг “Тhe Economist” агентлигининг йиллик рейтингига кўра, мамлакатимиз 2019-2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори ўсиш суръатларига эга 10 та давлат орасида 1-ўринни эгаллади.

Охирги 11 йил давомида ушбу агентлик ҳар йили 113 мамлакат кўрсаткичларини ўз ичига олган Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексини (GFSI) чоп қилиб келмоқда. Тадқиқот муаллифлари моддий қулайлик, арзонлик, барқарор ривожланиш каби тоифалар самарадорлигини энг умумлаштирувчи ва объектив тавсифларида Ўзбекистоннинг сезиларли натижаларини қайд этишмоқда. Бунинг натижасида, умуман олганда, ўтган йил якунларига кўра, мамлакатимиз 5 поғонага кўтарилиб, 73-ўринни эгаллади.

Эришилган натижалар, албатта, ижобийдир. Буни қўшниларнинг ютуқлари, холисона табий шароитлари бир хил бўлган давлатлар билан солиштириш тўғридир. Бу келгуси фаолият кўламини белгилаш, камчиликларни аниқлашга ёрдам беради. Ва бу борада шуни таъкидлаш жоизки, масалан, Тожикистон ва Қирғизистон Ўзбекистондан бироз пастроқ поғоналарни эгаллашган, аммо Қозоғистон 36-ўринни эгаллади.

Ушбу кўрсаткичга иккита муҳим омил таъсир қилади. Бу, биринчи навбатда, аҳоли сони ва унинг ўсиш суръати. Иккинчи омил эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кенгайтириш имкониятларининг мавжудлигидир. Биринчи кўрсаткич бўйича Ўзбекистон доимо Қозоғистондан юқорида турган ва шунга мос равишда Ўзбекистондаги озиқ-овқат базасига юк ҳам юқори бўлган. Иккинчи кўрсаткичга кўра эса, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги фаолияти учун сезиларли даражада катта ер майдонларига эга ва шунга мос равишда озиқ-овқат ишлаб чиқариш имкониятлари кенгдир.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг жорий йилда оптимистик натижаларга эришишига асос бор. Бу ишонч мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга, кўрилган чора-тадбирларга асосланади. Аммо амалга оширлаётган тадбирлар турли хилдир. Баъзи бирлари ўз натижаларини бир неча йилдан кейин, баъзилари эса қисқа муддат ичида ўз самарадорлигини кўрсатади. Шу муносабат билан яқинда қабул қилинган ва амалга оширилаётган иккита муҳим қарорга тўхталиб ўтиш лозимдир.

Шулардан бири, 2022-йил май ойида қабул қилинган давлат эҳтиёжлари учун ғаллани бозор нархларида сотиб олиш тизиминининг жорий қилинишидир. Бу ҳужжат ички ғалла бозорини тубдан ўзгартирувчи энг муҳим омил бўлди. Узоқ вақтдан буён кечиктирилган ушбу муаммонинг ечими маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга асос яратди. Жумладан, жорий йилда мамлакатимизда рекорд даражадаги ғалла етиштирилди – 8 миллион тонна, ҳосилдорлик еса 70 центнердан ошди.

Бу, шубҳасиз, қатор ишлаб чиқариш, иқлим омиллари, фермерлар тажрибаси самарасидир. Бироқ, энг муҳими, бизнинг фикримизча, бу ҳолатда мотивацион омил бўлди. Юқоридаги чора-тадбирлар туфайли ундан фойдаланиш мумкин бўлди. Бугунги кунда ғаллачилик бозор усуллари билан бошқарила бошлади дейиш ҳам мумкин.

Яна бир муҳим қадам сифатида 200 минг гектар ерни ёшларга ижарага бериш тўғрисида қарорнинг қабул қилиниши келтириш мумкин. Гап сув таъминоти яхши, аҳоли пунктларига яқин жойлашган, пахта ва ғалладан бўшаган, фермер ва кластерлар фойдаланаётган ҳудудлар ҳақида бормоқда.

Бу тадбирларни яхши натижалар беришига шубҳа бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистоннинг бў бўйича тажрибаси бор. Ўз пайтида қишлоқ аҳолисини томорқа ерларини кенгайтиришга қаратилган тадбирлар кичик деҳқон хўжаликларининг шакилланишига олиб келиб, озиқ-овкат муаммоларини ҳал қилишда энг самарали тадбирлардан бири бўлиб чиққанлигини халқаро экспертлар эътироф этадилар. Ерлари кам бўлишига қарамасдан, ушбу тоифа хўжаликлари кўпроқ озиқ-овқат ишлаб чиқарди. Бу хўжаликларга тегишли ерларнинг унумдорлиги фермер хўжаликларининг ерлари даражасидан бир неча баробар юқоридир.

Албата, янги босқичда амалга ошириладиган ушбу тадбир юртимиз олдида бир қанча жиддий масалаларни ечишга ўзини ижобий ҳиссасини қўшишига шубха йўқ.

Умумий қилиб айтганда, озиқ-овқат инқирози, ҳар қандай инқироз каби, айрим муаммоларнинг чуқурлашишига ва янгиларини шакилланишига олиб келади. Аммо, ҳар қандай ҳодиса каби, унинг ҳам ижобий томони бор. Бу долзарб масалаларни тезда ҳал этишга мажбур қилиб, янги ғоялар, янада илғор технологияларни тадбиқ этишга ва ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштиришга имконият яратади.

Ўзбекистон аграр секторида бу имкониятдан фойдаланиш учун, биринчи навбатда, ер муносабатларини такомиллаштириш, ерга хусусий мулкчиликни жорий этиши тўғри бўлар эди. Республиканинг янги Конституциясининг 68-моддаси ҳам бунга имконият яратади. Бу турдаги тадбирларни амалга ошириш натижасида кўплаб муаммоларга ечим топилади, ва шу жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.

 

Марказий Осий халқаро институти Бош илмий ходим Носиржон Юсупов, етакчи илмий ходим Нурмухаммад Бахтиёров 

 

Diqqat! Agar matnda xato topsangiz, uni tanlang va ma'muriyatni xabardor qilish uchun Ctrl + Enter tugmalarini bosing
Saytni ishlab chiqish: uzinfocom